Ўзбекистон пойтахтида ахлатга қарши янги халқона акция бошланди

Дата: 15:15, 26-08-2014.

Тошкент. 26 август. ЎзТАГ - Ўзбекистон пойтахти Тошкентда кўчалар ва паркларда ахлат ташлашга қарши янги халқона акция бошланди, дея хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Пойтахтнинг Юнусобод тумани кўчаларида тозаликни сақлашга чақирувчи ғайриоддий шиорлар ёзилган ёзувли тахтачалар пайдо бўлди. Ҳар бир ёзув мавзуга мос келадиган расм билан тўлдирилган. Мисол учун, улардан бирида “Сиз келгунга қадар бу ер топ-тоза эди. Келинг, шундай бўлиб қолсин!” дейилган бўлса, иккинчисида “Сен учун кичкина бўлган ғалаба инсониятга катта ғалаба келтиради”, дейилган.

Янги ёзувларга биринчи бўлиб ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари эътибор қаратдилар. Ёзувли плакатлар маиший ахлатлар ташлаб кетилган жойлар ва дарахтларга илинган.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг маълумотларига кўра юқоридаги ёзувлар пойтахт реклама агентликларидан бири томонидан яратилган. Шу йўл билан агентлик шаҳарда тозаликни сақлаш ишига ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлганлиги айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилари орасида ушбу ёзувларга доир қизғин мунозаралар бошланиб кетди. Кўпчиликнинг фикрига кўра, Тошкент кўчаларида ахлат ташлаш идишларининг камлиги сабаб турли маиший ахлатлар кўпинча ерга ташлаб юборилади.

Эслатиб ўтамизки, ушбу акция пойтахтдаги шу каби илк акция эмас. Бундан олдинроқ ЎзТАГ машиналарини мумкин бўлмаган ерларга қўйиб кетган ҳайдовчиларга қарши ўтказилган “Тўхта, сурбет!” акцияси ҳақида ҳам хабар қилган эди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: