Ўзбекистон пойтахтида руҳий касалхонадан қочган 3 кишидан 2таси қўлга олинди

Дата: 16:22, 21-11-2017.

Тошкент. 21 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон пойтахтида руҳий касалхонадан қочган 3 кишидан 2таси қўлга олинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2017 йилнинг 20 ноябрь куни соат 09:10ларда Тошкент шаҳар ИИББ навбатчилик қисмига Олмазор туманида жойлашган кучайтирилган назоратли руҳий касалликлар шифохонасидан уч нафар шахсларнинг қочганликлари ҳақида хабар келиб тушди. Мазкур шахслар: Омонов Шерқул Сафарович, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисмида кўрсатиб ўтилган (ўғирлик) жиноятини содир этган;  Рашидов Маъруф Махмудович, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисмида кўрсатиб ўтилган (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) жиноятини содир этган; Хамраев Ахрор Турсунбаевич, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисмида кўрсатиб ўтилган (гиёҳвандлик воситаларини кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) жиноятини содир этган”, - дейилади Ўзбекистон пойтахти Ички ишлар бош бошқармаси хабарида.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган суриштирув жараёнида, юқорида кўрсатиб ўтилган шахсларга нисбатан суднинг ажримига асосан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилганлиги аниқланган.

Шундан кейин таъкидланишича, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида, М.М.Рашидов ва А.Т.Хамраевлар қўлга олинган. “Ш.С.Омоновнинг қаерда эканлигини аниқлашга қаратилган тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилмоқда”,- дейилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: