Ўзбекистон пойтахтида талончилик хужумини амалга оширган беш киши қўлга олинди
Тошкент. 22 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон пойтахтида талончилик хужумини амалга оширган беш киши қўлга олинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“2017 йилнинг 14 ноябр куни соат тахминан 23:55ларда, номаълум шахслар, босқинчилик йўли билан ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида, Шайхонтоҳур туманида жойлашган фуқаро Асилбеков Асомиддин Кахрамоновичнинг хонадонига ғайриқонуний равишда кирганлар. Шундан сўнг унга ҳужум қилиб, пичоқ қўллаш ва тан жароҳати етказиш билан қўрқитиб, унга тегишли бўлган 25000 АҚШ доллари миқдоридаги пуллари ва “Samsung” русумли уяли телефонини эгаллаб олганлар”, - дейилади Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) матбуот хизмати хабарида.
Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 4-қисми “а” банди (босқинчилик, яъни жуда кўп миқдорда, ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
“Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тергов-тезкор тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Фазилов Аслиддин Акмалитдин ўғли, Айсанов Абдулла Абдураимович, Мусаев Ойбек Олим ўғли, Боситхонов Зохидхон Зафархон ўғли ва Ниязов Даврон Тўлқин ўғли содир этганликлари аниқланган”, - дейилади хабарда.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда.


