Ўзбекистон пойтахтидаги кўча реклама ва эълонлар тартибга солинади

Дата: 14:47, 03-04-2015.

Тошкент. 3 апрел. ЎзТАГ - Ўзбекистон пойтахтидаги кўча реклама ва эълонлар тартибга солинади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов “Тошкент шаҳри кўчалари, бино ва иншоотларидаги реклама, эълон ва турли ахборотларни тартибга келтириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарор матни “Тошкент оқшоми” газетасида эълон қилинган бўлиб, у 1 апрелдан кучга кирди.

Маъмурият қарорида айтилишича, Тошкент шаҳар кўчалари, хиёбонлари, бино ва иншоотлари, ёритиш устунлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига жойлаштирилган айрим реклама, эълон, ёзув ва турли ахборотлар орфографик хатолар билан ёзилмоқда, уларда иккиламчи ва маънавиятимизга зид маънолар келиб чиқмоқда.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда, “пойтахт кўчаларидаги бино ва иншоотлар фасад қисми ҳамда ёритиш устунларига жойлаштирилган хусусий эълон, реклама ва турли ахборотларни тартибга келтириш, улардаги ёзувларни тўғрилаш, маънавиятга зид бўлган кўринишларни бартараф этиш” ҳақида қарор қабул қилинган.

Шунингдек, ташқи рекламани кўча ёритгичларининг таянчларида ҳамда кўча ва йўллар қатнов қисми узра жойлаштириш хавфсизлик техникаси талабларига риоя қилган ҳолда ва йўл белгилари, светофорлар, чорраҳалар, пиёдаларнинг ўтиш жойлари, умум фойдаланишдаги транспорт воситалари бекатларини тўсиб қўймаган ҳолда, шунингдек бундай реклама йўл белгилари ва тасвирини такрорламаган тақдирда амалга оширилишини назорат қилиш ҳам режалаштирилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: