Ўзбекистон президенти 161 йирик саноат объектининг ишга туширилганлиги ҳақида гапириб берди

Дата: 11:09, 25-12-2017.

Тошкент. 25 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг Олий Мажлисга (парламентга) мурожаатномасида 161 йирик саноат объектининг ишга туширилганлиги ҳақида гапириб берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Мамлакатимизда қисқа муддатда 161 та йирик саноат объекти ишга туширилди. Бу биз учун келгуси йилда қўшимча 1,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради”, - дея қайд этди давлат раҳбари.

Масалан, Тошкент иссиқлик электр станциясида буғ-газ қурилмаси барпо этилди. Бу эса қўшимча равишда 2,5 миллиард киловатт электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.

Шунингдек, Навоий иссиқлик электр станциясида иккинчи буғ-газ қурилмаси, Қизилқум бағридаги Авминзо-Амантой олтин конлари негизида гидрометаллургия заводи қуриш бўйича ишлар давом этмоқда.

“Ҳозирги вақтда Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан “Ёшлик – 1”, “Ёшлик – 2” конларини ўзлаштиришга киришилди. Сардоба, Марказий Фарғона ва Тўпаланг сув омборларини қуриш бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда. Бу йирик иншоотлар ҳам, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз иқтисодий ҳаётида муҳим воқеа бўлади”, - деб таъкидлади Мирзиёев.

Яна бир йирик объект – Қандим газни қайта ишлаш комплекси ишга туширилиши ҳисобидан 2018 йилда қўшимча равишда 4 миллиард 100 миллион куб метр табиий газни қайта ишлаш, 67 минг тоннадан зиёд конденсат, 106 минг тоннадан ортиқ олтингугурт ишлаб чиқариш имкони яратилади. Муборак газни қайта ишлаш заводида келгуси йили қўшимча равишда 6 миллиард куб метр табиий газни олтингугуртдан тозалайдиган блоклар тўлиқ фаолият бошлайди.

Шулар қаторида “Ўзагротех-саноатхолдинг” акциядорлик жамиятида янги йилда 5 мингдан кўпроқ замонавий тракторлар, мингдан зиёд пахта териш машинаси ва 2 мингдан ортиқ прицеплар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, дейилади яна мурожаатномада.

$1=8101,62 сўм

Сурат манбаи: https://www.uzdaily.com/articles-id-38360.htm

Янгилик билан ўртоқлашиш: