Ўзбекистон президенти АҚШ Давлат котиби ёрдамчисини қабул қилди
Тошкент. 3 декабр. ЎзТАГ – Куни-кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсаройда икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувларнинг бешинчи раундида иштирок этиш учун Тошкентга келган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Ниша Десаи Бисвални қабул қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ўзбек етакчиси матбуот хизмати хабарига асосланган ҳолда.
Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ҳурматга асосланган амалий ҳамкорлик суръатини ижобий баҳолади.
Учрашувда таъкидланганидек, турли даражадаги доимий мулоқотлар томонларга бир-бирини англаш, ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг аниқ йўналишларини белгилаб олиш имконини бераётир. Бу давлатлараро миқёсда, шунингдек, илм-фан ва таълим, маданият ва санъат намояндалари, фуқаролик жамияти вакиллари ўртасидаги ҳамкорликда ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Мулоқот чоғида халқаро масалалар, жумладан, минтақамиз ва унинг ташқарисида ҳам хавфсизликка таҳдид солаётган Афғонистон муаммосига алоҳида эътибор қаратилди. Давлат котиби ёрдамчиси АҚШ Ўзбекистон раҳбарининг Афғонистондаги вазиятни ўнглаш борасидаги саъй-ҳаракатларини, давлатимизнинг ушбу мамлакат иқтисодиётини тиклашда кўрсатаётган ёрдамини юксак қадрлашини таъкидлади.
Ниша Десаи Бисвал самимий қабул, ўзаро ҳамкорликка оид ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш имконияти яратилгани учун Президент Ислом Каримовга миннатдорлик билдирди. Америкалик дипломат ўз давлати раҳбарияти номидан АҚШ Ўзбекистон билан кўп қиррали ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳамкорликни изчил ривожлантириш тарафдори эканини қайд этди, дейилади хабарда.