Ўзбекистон Президенти АҚШ давлат котибининг биринчи ўринбосарини қабул қилди

Дата: 17:59, 08-05-2014.

Тошкент. 8 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 7 май куни Оқсаройда мамлакатга фан ва технологиялар бўйича ҳамкорлик комиссиясининг биринчи учрашуви доирасида ташриф билан келган Америка Қўшма Штатлари Давлат котибининг биринчи ўринбосари Уильям Бёрнсни қабул қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизматининг хабарига кўра, учрашувда ўзаро ҳамкорлик сиёсий, иқтисодий, гуманитар ва икки томон учун манфаатли бўлган бошқа соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Турли соҳаларда мунтазамлик касб этган мулоқотлар, жумладан, икки мамлакат парламентлари ва ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасидаги изчил алоқалар томонлар учун самарали ва конструктив ҳамкорликни қарор топтириш имконини бермоқда.
Учрашувда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда АҚШ компаниялари иштирокида тузилган 190 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 53 таси тўлалигича хориж капитали асосида ташкил этилган. Мамлакатимизда АҚШдаги 40 етакчи корпорациянинг ваколатхоналари очилган.
Суҳбат давомида минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар муҳокама қилинди. Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, хусусан, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди.
Уильям Бёрнс самимий қабул учун Ўзбекистон раҳбарига миннатдорчилик билдириб, АҚШ раҳбарияти бундан буён ҳам Ўзбекистон билан турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: