Ўзбекистон президенти Абдулла Орипов номли мактабга ташриф буюрди

Дата: 12:54, 30-01-2018.

Тошкент. 30 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Абдулла Орипов номли мактабга ташриф буюрди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Президентимиз Шавкат Мирзиёев мактаб фаолияти билан танишди. Музей, ўқув хоналарида бўлди, мактаб ўқувчилари билан суҳбатлашди. Мактаб ўқувчилари Ибройим Юсупов, Муҳаммад Юсуф, Хамид Олимжон ва Зулфия номидаги мактаблар ўқувчилари билан онлайн боғланиб, мушоира ўтказди”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.

Шундан кейин таъкидланишича, давлатимиз раҳбари уларга Абдулла Ориповдек буюк шоир номига муносиб фарзандлар бўлиб камол топиш, ўз истеъдодлари билан жаҳонга машхур инсонлар бўлиб етишиш тилакларини билдирди.

Президентимиз бир гуруҳ ўқувчиларга совғалар топширди.

Эслатиб ўтамизки, 2017 йил февраль ойида президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши шаҳрида Абдулла Орипов ҳайкалини яратиш лойиҳаси билан танишар экан, лойиҳани такомиллаштириш, бу ерда Абдулла Орипов номидаги мактаб ва унинг ижодига бағишланган музей ташкил этиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Унга мувофиқ, бу ерда Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернати барпо этилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 майдаги “Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Замонавий ўқув муассаси қурилди. Жорий йилда мактабга ўқувчилар қабул қилинди. Мактабнинг биринчи қаватида Абдулла Орипов музейи ташкил этилди. 

Сурат манбаи: https://www.uzdaily.com/articles-id-36851.htm

Янгилик билан ўртоқлашиш: