Ўзбекистон президенти “Akfa Medline” хусусий тиббий марказига ташриф буюрди

Дата: 12:49, 04-12-2017.

Тошкент. 4 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Олмазор туманидаги “Akfa Medline” хусусий тиббий марказига ташриф буюрди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Янги фойдаланишга топширилган тиббий марказнинг умумий майдони 2 гектарга тенг бўлиб, у беш блок, 160 ўринга мўлжалланган 12 қаватли замонавий бинони ўз ичига олади.

“Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси собиқ профилакторийси ўрнида ташкил этилган мазкур тиббиёт маркази энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Кўп тармоқли марказда юқори малакали мутахассислар фаолият юритмоқда.

400 дан ортиқ иш ўрни яратилиб, чет давлатлардаги етакчи тиббиёт марказларида фаолият юритаётган ўзбекистонлик мутахассислар ҳам жалб қилинган. Марказда ультратовуш диагностикаси, терапия, гинекология, гастроэнтерология, диетология, физиотерапия, оториноларингология, урология, педиатрия, кардиология, офтальмология, неврология, эндоскопия, ортопедия, хирургия, нейрохирургия каби йўналишларда хизмат кўрсатилмоқда”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.  

Мирзиёевнинг фикрига кўра, хусусий тиббиёт марказлари қанча кўп бўлса соҳада рақобат бўлади, рақобат бор жойда хизмат сифат юқори бўлиб, нарх арзонлашади. “Одамлар тиббиёт масканига унинг чиройли биносига қараб эмас, мутахассисларнинг юқори малакаси бўйича баҳо беради. Бу марказда малака оширган мутахассислар вилоятларга бориб аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида самарали меҳнат қилиши зарур”, - деб ҳисоблайди Ўзбекистон президенти. 

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон президентининг “Хусусий соғлиқни-сақлаш тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори хусусий тиббиёт ривожига туртки бўлди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: