Ўзбекистон президенти Бакуда Кавказ мусулмонлари идораси раисини қабул қилди

Дата: 12:33, 15-10-2019.

Тошкент. 15 октябрь. ЎзТАГ – 14-октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бакуда (Озарбайжон) Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайх ул-Ислом Оллоҳшукур Пошозодани қабул қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Учрашувда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, конфессиялараро мулоқотни, ёшларнинг таълим-тарбияси ва ахлоқий тарбиясини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди", - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Ш. Мирзиёев ушбу йўналишларда халқаро ҳамкорлик даражаси ошаётганини таъкидлади. Қўшма саъй-ҳаракатлар замонавий хавф-хатар ва таҳдидларга қарши самарали курашиш, Жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг ҳақиқий қадриятлари ва чинакам инсонпарварлик мақсадларини очиб беришга ёрдам бериши қайд этилди.

О. Пошозода Ўзбекистон президентининг ташаббуслари муҳимлигини таъкидлаб, Ислом оламининг бой меросини ўрганиш ва асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини таъкидлади. Шунингдек, у мамлакатларимиз ва бутун минтақа тинчлиги, тотувлиги, барқарорлиги ва равнақини таъминлаш мақсадида фаол мулоқот ва ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: