Ўзбекистон президенти бандлик муаммосини ҳал қилиш ечимини айтиб ўтди

Дата: 17:36, 17-01-2017.

Тошкент. 17 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Андижон вилояти туманларидан бири мисолида бандлик муаммосини ҳал қилиш ечимини айтиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Аниқ бир мисол билан ушбу муаммони ҳал этишнинг реал йўлини айтмоқчиман. Андижон вилоятининг аҳоли зич жойлашган Олтинкўл туманида 7та касб-ҳунар коллежи бор, уларни бу йил турли мутахассисликлар бўйича 2 минг 300 нафар битирувчи тамомлайди”, - деб таъкидлади Мирзиёев мамлакатни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида.
“Туман ҳудудида 714та хўжалик юритувчи субъект, жумладан, саноатда – 371та субъект, қурилишда – 167та субъект, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида – 156та субъект ва бошқа ташкилотлар фаолият кўрсатади. Тумандаги ҳар бир хўжалик субъектига ўртача 3 нафар битирувчи тўғри келади”, - деб давом этди Мирзиёев.
Давлат раҳбарининг фикрига кўра, туманда бюджетдан ойлик оладиган иқтисодий комплекс ташкилотларидаги жами 400 нафар ходим ушбу корхоналарнинг самарали ишлашига амалий ёрдам берса, масалан, кимгадир кредит, яна кимга хом-ашё ёки малакали маслаҳат билан кўмаклашса, бу ишни бемалол бажарса бўлади. Агар ана шу 400 нафар одам ойига биттадан иш ўрни ташкил этишга кўмаклашса, бир йилда 4 минг 800та янги иш жойига эга бўлиш мумкин.
“Бугуннинг ўзида ҳар бир битирувчини аниқ бир ташкилотга бириктиришни таъминлаш билан бирга, унинг бўлажак иш жойи, иш ҳақи ва ижтимоий шароитларини аниқ белгилаш зарур”, - деб хулоса қилди Мирзиёев.

Янгилик билан ўртоқлашиш: