Ўзбекистон президенти байрам арафасида алоҳида ўрнак кўрсатган педагогларни мукофотлади

Дата: 17:49, 30-09-2015.

Тошкент. 30 сентябр. ЎзТАГ – Куни-кеча Ўзбекистон президенти “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хужжатга мувофиқ, «Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси» фахрий унвони 
Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги 14-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернатининг математика фани ўқитувчиси Турдали Бердиевга ва Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги 59-умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Арофатхон Усмоновага берилди.

Яна икки педагог “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” унвонин олди. Булар Хоразм вилояти Янгиариқ туманидаги 38-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Гулнора Жабборова ва Тошкент вилояти Пискент туманидаги 5-умумий ўрта таълим мактабининг физика фани ўқитувчиси Васила Саидходжаевалардир.

Тўққиз педагогга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” унвони берилди. Улар Нукус, Жиззах, Тошкент шаҳарлари, Сурхандарё, Наманган, Самарқанд, Навоий, Фарғона, Бухоро вилоятларига мансуб.

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” унвони билан Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг шашка бўйича мураббийи Алишер Артиков тақдирланди.

Фармонда “Фидокорона хизматлари учун” (3 киши), “Меҳнат шуҳрати” (14), II даражали “Соғлом авлод учун” (3), “Дўстлик” (14) орденлари ва “Шухрат” (50 киши) медали билан тақдирланганлар ҳам келтириб ўтилган.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда Ўқитувчи ва мураббийлар куни ҳар йили 1 октябрда нишонланиб, давлат байрами сифатида дам олиш кунидир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: