Ўзбекистон президенти бир вазирлик негизида муассаса ва давлат қўмитасини ташкил қилди

Дата: 15:57, 17-02-2017.

Тошкент. 17 февраля. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Маданият ва спорт ишлари вазирлигини тугатиб, унинг негизида Маданият вазирлиги ва Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасини ташкил қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хужжат матнига мувофиқ, “мавжуд давлат бошқаруви тизими маданият ва спортни ривожлантириш муаммоларини комплекс ҳал этиш, шунингдек, мазкур соҳаларда давлат сиёсатини самарали амалга оширишни тўлиқ даражада таъминлаш имконини бермайди”. “Зиммасидаги вазифалар кўлами кенглиги ва аҳамияти катталигига қарамай, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ҳокимият органлари билан фаол ҳамкорлик таъминланмаяпти, унинг фаолияти эса кўпинча маданий-оммавий ва спорт тадбирларини ўтказиш билангина чекланиб қолмоқда”, - деб таъкидланади Ўзбекистон президенти сайтида жойлаштирилган қарорда.

Вазирликнинг асосий вазифалари қилиб “маданият соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, миллий маданий ва маънавий меросни асраб-авайлаш ва кўпайтириш, санъат ва бадиий ижодни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимизнинг маънавий-ахлоқий ва маданий даражасини янада юксалтиришни рағбатлантириш, уни миллий ва жаҳон маданиятининг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш борасида тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш” кабилар белгиланган.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси фаолиятининг асосий вазифалари этиб “жисмоний тарбия ва спорт соҳасида аҳоли кенг қатламини спорт билан шуғулланишга ва соғлом турмуш тарзини юритишга жалб этиш, жисмонан соғлом авлодни тарбиялаш, спорт индустрияси ва инфратузилмасини ривожлантириш, мамлакатимизнинг халқаро спорт майдонларидаги ютуқларини тарғиб қилиш ва унинг кенг эътироф этилишига қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш” келтирилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: