Ўзбекистон президенти БМТ Бош котиби билан учрашди

Дата: 12:28, 12-06-2017.

Тошкент. 12 июн. ЎзТАГ – Шанба куни Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг учрашуви бўлди, деб хабар қилади давлат раҳбарининг матбуот хизматида.

“Президентимиз юқори мартабали меҳмонни мамлакатимизга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон БМТ ва унинг ташкилотлари билан ҳамкорлик муносабатларини изчил ривожлантириб боради, деб таъкидлади. Шавкат Мирзиёев Бош котибга Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтиргани учун миннатдорчилик билдирди”, - дейилади хабарда. 

 Ислом Каримовнинг тинчликпарвар сиёсати, асосли ташаббуслари ва амалий ишлари минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим асос бўлганини жаҳон ҳамжамияти кенг эътироф этаётганини таъкидлаш жоиз, деди давлатимиз раҳбари. 

 “Антониу Гутерриш Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлигини юксалтириш борасида муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди”, - деб таъкидланади хабарда. 

Учрашувда Ўзбекистон билан БМТ ва унинг ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, жумладан, Орол фожиасининг экологик оқибатларини юмшатишга доир масалалар муҳокама этилди. Глобал хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларни ҳал этиш масалалари кўриб чиқилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: