Ўзбекистон президенти БМТ Бош котибининг ёрдамчиси билан музокаралар ўтказди

Дата: 12:30, 03-03-2017.

Тошкент. 3 март. ЎзТАГ – Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енчани қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг Ўзбекистон Республикаси ушбу ташкилотга аъзо бўлганининг 25 йиллиги муносабати билан йўллаган табриги учун миннатдорлик билдирди ҳамда Ўзбекистон БМТ ва унинг ташкилотлари билан ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашда давом этишини таъкидлади.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТнинг глобал хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш, ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларни ҳал этиш, терроризм, экстремизм, наркотрафик, уюшган жиноятчилик ҳамда бугунги куннинг бошқа хавф ва таҳдидларига қарши курашишда тутган муҳим ўрнини алоҳида қайд этди”, - деб таъкидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.   

Суҳбат чоғида ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари бўйича фикр алмашилди ва кўриб чиқилган барча масалалар бўйича томонларнинг позицияси ўхшаш экани таъкидланди. Истиқболда ўзаро муносабатларни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбек давлати раҳбари мамлакатдпа ва бутун Марказий Осиёда амалга оширилаётган ривожланиш жараёнларида БМТни янада фаол иштирок этишга, шунингдек, хавфсизликни таъминлаш борасидаги минтақавий долзарб масалаларни ҳал қилишда ҳамкорликда ишлашга даъват этди. 

Мирослав Енча самимий қабул учун президент Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик билдириб, БМТ Ўзбекистон билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга, ўзаро манфаатли барча йўналишларда кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини таъкидлади. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: