Ўзбекистон президенти БМТ делегациясини қабул қилди

Дата: 12:33, 10-11-2017.

Тошкент. 10 ноябр. ЎзТАГ – 9 ноябр куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча ва Бош котибнинг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Германни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарига кўра, Ш. Мирзиёев Н.Германни БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари лавозимига тайинлангани билан табриклади ва Ўзбекистоннинг БМТ билан, хусусан, яқингача М.Енча раҳбарлик қилиб келган Минтақавий марказ билан ҳамкорлиги самарали бўлаётганини қайд этди.

Президент 10 ноябр куни Самарқандда иш бошлайдиган "Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзуидаги халқаро конференцияни ташкил этишда БМТ муҳим ўрин тутганини таъкидлади.

Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида халқаро жараёнларда фаол иштирок этаётгани, жумладан, йиғилиб қолган масалаларга амалий ечим топиш, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, минтақанинг узоқ истиқболга мўлжалланган тараққиёти бўйича аниқ таклифлар илгари сураётгани ва амалга ошираётгани таъкидланди.

Меҳмонлар БМТ ва унинг Бош котиби Антониу Гутерриш номидан минтақада хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича ўтказилаётган халқаро форум мақсади ва вазифаларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга доир бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: