Ўзбекистон президенти БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари билан музокаралар ўтказди
Тошкент. 11 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн билан музокаралар ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон ва БМТ, ушбу нуфузли универсал халқаро ташкилот институтлари, шу жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ўртасида амалий ва очиқ мулоқотни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
“Учрашувда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан батафсил фикр алмашилди. Инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли таркибий ислоҳотларнинг устувор йўналиши экани қайд этилди”, - деб таъкидлашди президент матбуот хизматида.
Зайд Раад ал-Ҳусайн Президент Шавкат Мирзиёевга самимий қабул, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига юксак эътибор қаратилаётгани ва бу борада амалий чоралар кўрилаётгани учун миннатдорлик билдирди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва тизимли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.