Ўзбекистон президенти Болгария бош вазири билан музокаралар ўтказди

Дата: 12:30, 19-05-2016.

Тошкент. 19 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Болгария бош вазири Бойко Борисов билан музокаралар ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Учрашувда иқтисодий ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари – саноат, транспорт коммуникациялари, туризм, шунингдек, замонавий қўшма саноат корхоналарини ташкил қилишнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди”, - деб таъкидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Болгарияда олиб борилаётган ва асосий йўналишлари иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, инвестицияларни кенгайтириш, тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бўлган иқтисодий сиёсатни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Болгария Бош вазири Ўзбекистонда мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар стратегияси натижасида туб иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларга эришилганини юқори баҳолади. Бугунги ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришлар Ўзбекистоннинг янада тараққий этишида муҳим омил бўлаётганини қайд этди.

Томонлар ўзаро савдо алоқаларини янада кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидладилар. Ўзбекистон Болгария бозорига кенг турдаги саноат маҳсулотлари экспорт қилиш ва ушбу мамлакатдан юқори технологияли товар ва ускуналар импорт қилишдан манфаатдор.

Учрашувда Ўзбекистон билан Болгария ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги истиқболли янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун ишбилармон доиралар делегациялари алмашиш бўйича келишиб олинди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: