Ўзбекистон президенти Бош прокуратура олдига тадбиркорлар ва ҳудудларни қўллаб-қувватлаш вазифасини қўйди

Дата: 14:03, 01-02-2018.

Тошкент. 1 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бош прокуратура олдига тадбиркорлар ва ҳудудларни қўллаб-қувватлаш вазифасини қўйди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу вазифалар 31 январ куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг кенгайтирилган йиғилишида қўйилди. Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

 “Йиғилиш иштирокчиларининг эътибори фаровон ҳаётимиз асоси бўлган тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хорижий инвесторларнинг мамлакатимизда эркин фаолият юритиши учун шароитлар яратиш прокуратура органлари томонидан кафолатланиши зарурлигига қаратилди”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.

Прокурорларнинг секторлар раҳбари сифатидаги фаолиятида энг муҳим вазифаларидан бири одамлар ҳаётида ижобий ўзгаришларга эришиш мақсадида ҳудудларни ривожлантиришга кўмаклашишдир. Давлат бошқарувини халқимиз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш прокуратура органларининг жамиятда қонун устуворлигини таъминлашдаги ролини кучайтиришни тақозо этмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев йиғилишни якунлар экан, прокуратура ходимлари юқори касбий малака ва юксак инсоний фазилатлари билан давлат органлари хизматчиларига ўрнак бўлиши, ҳамиша адолат ва қонунийлик ҳимоясида туриши лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Сурат манбаи: http://qalampir.uz/news/toshkent-shaxriga-yangi-prokuror-tayinlandi-3233

Янгилик билан ўртоқлашиш: