Ўзбекистон президенти БРИКС ва ШҲТ саммитларининг муҳимлигини таъкидлади

Дата: 17:58, 10-07-2015.

Тошкент. 10 июл. ЎзТАГ – Бугун Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Уфада БРИКС ва ШҲТ саммитлари улкан ижтимоий ва иқтисодий салоҳиятга эга бўлган ҳар икки таркиб учун муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон президенти матбуот хизматидан хабар қилишларича, эрталаб Уфадаги конгресс-холлда ШҲТ ва БРИКСга аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди. Маълумки ШҲТга Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон ва БРИКСга Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка Республикаси киради.  

Унда ШҲТ ҳамда БРИКС доирасидаги ҳамкорлик, жаҳон иқтисодиётини ривожлантириш, жумладан, биргаликда иқтисодий ўсишни таъминлаш, молиявий барқарорлик ва таркибий ўзгаришларни қўллаб-қувватлашга оид масалалар, минтақавий ва глобал аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашилди. 

Ўзбекистон президенти ўз чиқишида ҳозирда халқаро терроризм ва экстремизм хавфи ортиб бораётганидан ташвиш билдирмайдиган мамлакатнинг ўзи йўқлигини, бу иллатларга қарши курашишда давлатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этди. Шунингдек, И. Каримов мамлакатлар ўртасида замонавий муамоларга қарши кураш йўлида ишончни мустаҳкамлаш заруриятга тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон раҳбари ШҲТ-БРИКС учрашуви мазкур тузилмаларга аъзо мамлакатлар халқлари фаровонлигини ошириш, бу улкан ҳудудда тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди. 

Эслатиб ўтамизки, 9-10 июлда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Уфадаги (Россия) саммитида иштирок этмоқда. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг асосий расмий тадбирлари 10 июль куни бўлиб ўтади. Давлат раҳбарларининг музокаралари якунида Уфа декларацияси имзоланиши, ШҲТни ривожлантириш бўйича 2025 йилгача мўлжалланган стратегия ҳамда ташкилотни кенгайтириш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда. 

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари Уфада қатор икки томонлама учрашувлар ўтказишни ҳам режалаштирган. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: