Ўзбекистон президенти Буюк Ипак йўли савдо ва инвестициялар учун қулай шароитлар яратади деб ҳисоблайди

Дата: 10:03, 16-05-2017.

Тошкент. 16 май. ЎзТАГ – Буюк Ипак йўли савдо ва инвестициялар учун қулай шароитлар яратади деди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” халқаро форумида сўзлаган нутқида, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Юртимиз қадимдан жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлган. Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий салоҳияти мисли кўрилмаган даражада юксалди. Ўзбекистондаги иқтисодий тараққиёт мустаҳкам макроиқтисодий асос яратилганидан далолат беради. Хорижий сармоядорларнинг фаол ва эркин иш юритиши учун кенг қулайликлар яратилган. Бундай имтиёз ва имкониятлар хорижликларнинг Ўзбекистонга қизиқишини тобора оширмоқда”, - деб таъкидлади Мирзиёев.

Қадимда турли минтақаларнинг ўзаро алоқасида Буюк ипак йўлининг роли беқиёс бўлган, деб давом этди давлат раҳбари. 

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Буюк ипак йўли нафақат ҳудудлар ўртасида савдо-сотиқ алоқаларини, балки давлатлар ва қитъалар ўртасида ахборот алмашувини таъминлашга хизмат қилган, янги маҳсулотлар ва қишлоқ хўжалиги экинлари тарқалишида, маданий қадриятларнинг ривожланишида муҳим восита вазифасини бажарган ва шу тариқа цивилизациялараро мулоқот учун шарт-шароитлар яратилган. 

 “Бугун бу йўлнинг қайта тикланиши деб баҳоланаётган «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, савдо ва инвестиция соҳаларида қулай шароитлар яратиш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим, маданият соҳаларида ҳамкорлик салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутади. “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси ривожланган давлатлар имкониятларидан унумли фойдаланиш, ривожланаётган, иқтисоди тараққиёт босқичида бўлган мамлакатларга ёрдам беришни ҳам назарда тутади”, - деб таъкидлади Ўзбекистон президенти.

Форум 15 май куни ўз ишини якунлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: