Ўзбекистон президенти чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш кластерига ташриф буюрди

Дата: 11:36, 19-02-2018.

Тошкент. 19 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро вилояти Когон туманидаги чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш кластерига ташриф буюрди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Кластерга тумандаги бўш турган бино ва иншоотлар “ноль” қийматда берилган эди. Бинолар таъмирланиб, Хитойдан бир кеча-кундузда 450 тонна чиқиндини қабул қилиш қувватига эга технология келтириб, ўрнатилди. Бу ерда металл, тош, шиша, яроқсиз резина ва автошиналар, пластмасса, ёғоч-тахта бўлаклари, шох-шаббалар, макулатура, қурилиш материаллари, матолар чиқиндиси сараланади. Улардан брикет, синтетик тола, қоғоз картон, тўқимачилик матоси, қурилиш блоклари, биогумус ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилади”, - дейилади Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабарида.

400дан зиёд ишчи меҳнат қилаётган корхонага бугунги кунда Бухоро ва Когон шаҳарлари, Бухоро, Когон туманларидаги маиший чиқиндиларни ташиб келтирмоқда. Кейинчалик корхона фаолиятини кенгайтириб, вилоятнинг барча ҳудудларида пайдо бўладиган чиқиндиларни йиғиб келтиришни режалаштирган.

Шу пайтгача бу масала билан ҳеч ким шуғулланмаган эди, деди Шавкат Мирзиёев. “Чиқинди қайта ишланса, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилади, кўплаб иш ўринлари яратилади. Энг муҳими, экологиямиз тоза бўлади, кейинчалик сув ва ҳаво орқали аҳоли саломатлигига етказилиши мумкин бўлган зарарнинг олди олинади”, - деб таъкидлади у.

Корхона атрофидан ишчилар учун уй-жой, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, ёпиқ сузиш ҳавзаси, шифохона, спорт майдончаси, автотураргоҳ, уларнинг фарзандлари учун мактаб ҳамда мактабгача таълим муассасаси қуришни мўлжалламоқда.

Шундан сўнг таъкидланишича, давлатимиз раҳбари корхона ташаббускорлари ва жамоасига миннатдорлик билдирди. Чиқинди йиғиш қамрови ва қайта ишлаш қувватини янада кенгайтириш, шундай корхоналарни бошқа жойларда ҳам ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Шунинг билан Президент Шавкат Мирзиёвнинг Бухоро вилоятига ташрифи ниҳоясига етди.

Эслатиб ўтамизки, давлат раҳбари 2017 йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Когон туманида чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш кластери қуриш лойиҳаси билан танишган эди.

Сурат манбаи: http://zeleneet.com/pererabotka-otxodov-eto-vygodno-i-ekologichno/31705/

Янгилик билан ўртоқлашиш: