Ўзбекистон Президенти Чирчиқ шаҳридаги лойиҳалар билан танишди

Дата: 13:00, 11-01-2018.

Тошкент. 11 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Чирчиқ шаҳридаги “Ўзбеккимёмаш заводи” акциядорлик жамиятида бўлиб, металл қуйиш ҳажмини ҳозирги 1,7 минг тоннадан йилига 4 минг тоннага етказишни кўзда тутувчи янги ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат раҳбари матбуот хизматининг маълумотига кўра, шу ернинг ўзида Чирчиқ шаҳрини замонавий талаблар асосида қайта қуриш лойиҳаларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Хусусан, лойиҳа Чирчиқ деҳқон бозорини қайта қуриш лойиҳаси уни янги типдаги кўринишда барпо этишни кўзда тутади.

Шунингдек, Чирчиқ шаҳар марказий паркини реконструкция қилиш, Чирчиқ дарёси бўйида хиёбонлар барпо этиш, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва Чирчиқ давлат педагогика институтлари жойлашган биноларни реконструкция қилиш лойиҳалари ҳақида гапирилди.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг инновацион технологиялар асосида Пскем ГЭСи ва тўғонини қуриш, Чорвоқ ГЭСи хавфсизлигини ошириш лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.

Президентга “Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” акциядорлик жамиятида амалга ошириладиган қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш лойиҳаси тақдим этилди. Бу ерда замонавий ва тежамкор юқори самарали қишлоқ хўжалиги техникалари ва механизация воситалари ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

Шавкат Мирзиёев саноатни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар яқин йилларда салмоқли самара беришини таъкидлаб ўтди.

 

Сурат манбаи: http://www2.uz/neighbour_/internet_/vadim-malimonov/baraholka-v-chirchike

Янгилик билан ўртоқлашиш: