Ўзбекистон президенти “Дармон шарбати” корхонаси фаолияти билан танишди

Дата: 12:33, 29-01-2018.

Тошкент. 29 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Яккабоғ туманидаги “Дармон шарбати” мева-сабзавотни қайта ишлаш ва қадоқлаш корхонаси фаолияти билан танишди, деб хебар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

“Президентимиз корхонадаги иш жараёни билан танишди. Бу ерда жорий қилинган замонавий технологиялар самарали иш жараёни ва юқори сифатли маҳсулот тайёрлашни таъминламоқда. Мева-сабзавотларнинг табиий хусусиятлари сақлаб қолинган тайёр маҳсулот 1,5 ва 3 литрли махсус идишлар – аксептик пакетларга қадоқланади”, - дейилади хабарда.

Шундан кейин таъкидланишича, давлатимиз раҳбари вилоятда бу каби корхоналарни кўпроқ ташкил этиш лозимлиги, замонавий технологияларни ўзлаштирган ёшларни тарбиялаш лозимлигини таъкидлади.

Шу ернинг ўзида Қашқадарё вилоятида 2018-2019 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди. “Дармон шарбати” мева-сабзавотни қайта ишлаш ва қадоқлаш корхонаси томонидан мева-сабзавотни қайта ишлаш ва болалар таомлари ишлаб чиқариш, “Шарофат опа Қаҳрамон қизи” агрофирмаси томонидан музлаткич омборхонаси қуриш лойиҳалари ҳам тақдим этилди.

Ўз навбатида, Мирзиёев лойиҳаларни ўз вақтида ва мукаммал тарзда якунига етказиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон президенти 2017 йил февраль ойида Қашқадарё вилоятига сафари чоғида вилоятда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, уларни экспорт қилиш ҳажмларини янада кўпайтириш бўйича топшириқлар берган эди.

Яккабоғ туманидаги “Дармон фарм” хусусий корхонасига қарашли “Дармон шарбати” мева-сабзавотни қайта ишлаш ва қадоқлаш корхонаси 2017 йил август ойида ишга туширилди. Бу ерда кунига 12 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Замонавий, энергиятежамкор ускуналар бир кеча-кундузда 20 тоннагача мева-сабзавотни қайта ишлаш қувватига эга. Асосан олма, ошқовоқ ва сабзи шарбати тайёрланиб, ички бозорга чиқарилмоқда. Келгусида узум, анор ва бошқа қатор сабзавот маҳсулотларини ҳам қайта ишлаб, шарбат тайёрлаш кўзда тутилган.

Сурат манбаи: http://ru.sputniknews-uz.com/politics/20180128/7364323/mirzieev-osmotrel-predpriyatiye-po-izgotovleniyu-sokov.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: