Ўзбекистон президенти Давлат рақобат қўмитасини қайта ташкил қилди
Тошкент. 19 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этиш ҳақидаги фармонни имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Хусусийлаштирилган корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш ва самарадорлигини оширишни ҳар томонлама кенг қўллаб-қувватлаш, шу асосда аҳоли даромадларининг барқарор ўсишини таъминлайдиган янги иш ўринларини яратиш, ушбу мақсадларда ваколатли давлат органлари, молия ҳамда бошқа бозор тузилмаларининг Савдо-саноат палатаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан мустаҳкам хамкорликдаги фаолиятини мувофиқлаштириш янги қўмитанинг энг муҳим вазифаси бўлади.
“2018 йилнинг 1 январига қадар қўмита солиқ, статистика ва кадастр органларининг маълумотлар базаси билан ўзаро электрон алоқани таъминлайдиган тармоқлар, ҳудудлар ва турли хусусийлаштириш шакллари кесимида давлат мулкининг хусусийлаштирилган объектлари бўйича маълумотлар базасини яратиши зарур”, - дейилади хужжатда.
Бундан ташқари, ушбу муддатга қадар бўш ётган ва самарасиз фойдаланилаётган хусусийлаштирилган объектлар, ишлаб чиқариш майдонлари ва қурилиши тугалланмаган объектлардан хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун фойдаланиш мақсадида уларнинг ҳудудий реестрлари ташкил қилинади.
Янги қўмита фаолиятининг яна бир йўналиши – 1 июндан бошлаб ҳар бир туманда хусусийлаштирилган объектлар негизида лойиҳаларни амалга ошираётган тадбиркорлар учун касб-ҳунар коллежларининг биноларида ўқув машғулотларидан бўш вақтда ўқув курслари ташкил этилади.


