Ўзбекистон президенти давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартиришга чақирди

Дата: 16:37, 07-01-2015.

Тошкент. 7 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов ўзининг Янги йил табригида давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартиришга чақирди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Биринчи навбатда, гап кўп тармоқли иқтисодиётимизнинг устувор соҳаси ҳақида – хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни тез суръатлар билан ривожлантириш йўлидан барча ғов ва тўсиқларни олиб ташлаш, уларнинг эркинлигини таъминлаш ҳақида бормоқда”, - деб таъкидлади у.

Каримовнинг сўзларига кўра, “яна бир устувор масала – бутун жаҳон миқёсида иқтисодий ва сиёсий вазият тобора кескинлашиб бораётганини инобатга олган ҳолда,  иқтисодиётимиздаги таркибий ўзгаришларни изчил чуқурлаштириш, ишлаб чиқариш соҳасини узлуксиз техник, технологик янгилаб бориш ва модернизация қилиш, замонавий ахборот-коммуникация тизимларини кенг жорий этишдир”.

Шу масалалар билан чамбарчас боғланган яна бир вазифа “иқтисодиётимизда давлатнинг улуши ва ўрни қай даражада бўлишини танқидий кўз билан баҳолаб, уни стратегик ҳамда иқтисодий асосланган даражага қадар қисқартиришдан иборат”.

“Аминманки, айни шу асосда эски маъмурий-буйруқбозлик тизимидан ҳали-ҳамон мерос бўлиб келаётган, одамларнинг норозилигини қўзғаётган барча қолдиқлардан воз кечишга имкон туғдирамиз, улардан озод бўламиз”, - деб таъкидлади давлат раҳбари.

Янгилик билан ўртоқлашиш: