Ўзбекистон президенти депутатлар ва сиёсий партиялар олдига аниқ вазифалар қўйди

Дата: 14:37, 13-07-2017.

Тошкент. 13 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев депутатлар ва сиёсий партиялар олдига аниқ вазифалар қўйди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу вазифалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 12 июл куни парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида қўйилди.

“Мамлакатимиз президенти ҳар вилоятдаги ОТМ базасида партия ташкилотлари ходимлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари учун махсус ўқув курслари ташкил этиш заруриятига эътибор қаратди”, - дейилади Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда сиёсий партияларнинг ҳудудий кенгашлари зарур моддий-техник базага эга эмаслиги кўрсатилди. Масалан, 18 сиёсий партияларнинг туман кенгашлари ўз биносига эга эмас, 62 кенгаш бинолари қониқарли ҳолатда эмас. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига бу борада чоралар кўриш топширилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг фаолиятига алоҳида тўхталди. Ҳаракат аҳолини, айниқса, қишлоқ жойларда тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи, шунингдек, маиший чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш масаласига доимий эътибор қаратиши зарурлиги таъкидланди.

“Экоҳаракат аҳолининг экологик маданиятини ошириш ишида ташаббускор бўлиши зарур. Давлатимиз раҳбари мамлакатдаги барча йирик саноат корхоналарида Экологик ҳаракатнинг вакиллари бўлиши керак, деган таклиф киритди”, - дейилади хабарда.

Шу билан бирга, Мирзиёев қонун лойиҳаларини аҳоли иштирокида муҳокама қилишнинг таъсирчан тизимини жорий этиш кераклигини таъкидлади ҳамда қонун лойиҳалари биринчи ўқишдан кейин жойларда аҳоли иштирокида кенг муҳокама қилиниши, кейин уларнинг таклифларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилиб, иккинчи ўқишга чиқарилишига доир тартибни жорий этиш мақсадга мувофиқлигини кўрсатиб ўтди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: