Ўзбекистон президенти Эркин Воҳидов шеърларига қўшиқлар яратишни таклиф қилди
Тошкент. 13 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти халқ шоири Эркин Воҳидов шеърларига қўшиқлар яратишни таклиф қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Шавкат Мирзиёев бу ҳақида Марғилондаги Ижодкорлар боғига ташрифи доирасида айтиб ўтди ва бу ердаги Эркин Воҳидов ҳайкали пойига гул қўйди.
“Шоирнинг оила аъзолари, ёзувчи ва санъаткорлар билан суҳбатда адиб ижодини ўрганиш ва ёшларга ўргатиш, шеърлари асосида қўшиқлар яратиш зарурлиги таъкидланди. Боғда Эркин Воҳидов мемориал музейи, ёш ижодкорлар мактаб-интернати, Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими биноси, 2 минг кишилик амфитеатр, Нуронийлар маскани ҳам жойлашган”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.
Давлат раҳбари мемориал музейдаги экспонатларни кўздан кечирди. Бу маскан ҳақиқий маънавият ўчоғи бўлиши кераклигини, бу ерга ўқувчи ва ёш ижодкорларни кўпроқ олиб келиш зарурлигини таъкидлади. Президент Нуронийлар масканида меҳнат фахрийлари билан суҳбатлашди.
Эслатиб ўтамизки, Шавкат Мирзиёев ўтган йили Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Марғилон шаҳрида ижодкорлар боғи ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Шу асосда бу ерда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Мавжуд истироҳат боғи ҳудуди кенгайтирилиб, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди, гулзор ва майсазорлар ташкил этилди. Боғ марказида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг ҳайкали ўрнатилди.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига 12 июнда келган эди.
Сурат манбаи: http://www.uza.uz/ru/politics/po-initsiative-prezidenta-v-margilane-sozdan-park-literatoro-12-06-2018