Ўзбекистон президенти Эрон президентга ҳамдардлик билдирди
Тошкент. 19 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳонийга мазкур мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида юз берган кучли сув тошқинлари оқибатида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани ва бедарак йўқолгани муносабати билан ҳамдардлик мактуби йўллади. Бу ҳақида Ўзбекистон ТИВ хабарида маълум қилинди.
Давлат раҳбари Эрон Президенти ва халқига, қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик туйғуларини изҳор этди, дейилади мактубда.
Эслатиб ўтамизки, Эронда кучли ёмғирлар сабаб Урмия кўлига қуйиладиган дарёлар ўзанидан чиқиб кетди. Сув оқимлари мамлакатнинг беш вилоятидаги коммуникация тармоқларини йўқ қилди ва транспортга зарар етказди. 40 ортиқ киши ҳалок бўлди, 22 киши бедарак йўқолган.