Ўзбекистон президенти ЕТТБ раҳбари билан музокаралар ўтказди

Дата: 14:31, 17-03-2017.

Тошкент. 17 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) президенти Сума Чакрабарти билан музокаралар ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Учрашувда истиқболга мўлжалланган қўшма Ҳамкорлик дастурини тайёрлаш, кичик бизнес субъектлари лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга кўмаклашишга доир тадбирлар ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

ЕТТБ президенти Сума Чакрабарти Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ва ўзаро муносабатларни ривожлантириш масалаларини қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди ва Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамда кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.

“Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти мамлакатимизга ташрифи дастурига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идораларда ҳам қатор музокаралар ўтказди. Учрашувлар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум ва Табиатни муҳофаза қилиш соҳасига техник кўмаклашиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича битим имзоланди”, - деб таъкидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.

Эслатиб ўтамизки, ўтган ҳамкорлик йилларида Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида ЕТТБнинг $500 млндан зиёд маблағини жалб этган ҳолда 54 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: