Ўзбекистон президенти “фаол тадбиркорлик” тушунчасига изоҳ бериб ўтди

Дата: 11:43, 25-12-2017.

Тошкент. 25 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг Олий Мажлисга (парламентга) мурожаатномасида “фаол тадбиркорлик” тушунчасига изоҳ бериб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Шу ўринда фаол тадбиркорлик деган тушунчага қисқача тўхталиб ўтиш зарур. Фаол тадбиркорлик бизнес фаолиятини инновацион, яъни замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этадиган иқтисодий йўналишдир”, - деб тушунтирди давлат раҳбари.

“Фаол тадбиркор” деганда, биз рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиб, нафақат ўзини ва оиласини боқадиган, балки бутун жамиятга наф келтирадиган ишбилармон инсонларни тушунамиз.

“Бундай тадбиркорлар сафини кенгайтириш, жумладан, юқори технологиялар, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларига асосланган техника ва асбоб-ускуналарни мамлакатимизга олиб келиш ва жорий этиш учун уларга муносиб шароитлар яратиш бизнинг биринчи галдаги вазифамиз бўлиши шарт”, - деб таъкидлади Мирзиёев.

Керак бўлса, хориждаги етакчи компания ва ташкилотларда тажриба орттириши, ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиши учун уларга ҳар томонлама имконият туғдириб беришимиз лозим, деб хулоса қилди ўзбек давлати раҳбари.

Сурат манбаи: http://mongolia.gogo.mn/r/149736

Янгилик билан ўртоқлашиш: