Ўзбекистон Президенти ФИФА ҳаками Равшан Эрматовни Chevrolet Malibu автомобили билан мукофотлади
Тошкент. 29 июл. ЎзТАГ – 25 июл куни пойтахтдаги Олимпия шон-шуҳрати музейида ФИФА ҳакамлари Равшан Эрматов ва қанот ҳаками Абдуҳамидулло Расуловларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Футбол федерациясининг Twitterдаги расмий саҳифасида хабар қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғалари ҳакамларга тантанали вазиятда топширилган. Хусусан, Равшан Эрматовга Асакадаги GM-Uzbekistan заводида ишлаб чиқарилган нуфузли Chevrolet Malibu автомобилининг калитлари, унинг ёрдамчиси Абдуҳамидулло Расуловга эса Chevrolet Orlando янги оилавий жипининг калитлари топширилди.
Эслатиб ўтамизки, ФИФА ҳаками Равшан Эрматов яқинда Бразилияда бўлиб ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатида тўрт ўйинга бошчилик қилди. Бундан илгари Равшан Эрматов бригадаси 2010 йилда ЖАРда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳам беш ўйинни ўтказган эди. Шундай қилиб, Р. Эрматов икки жаҳон чемпионатларида жами тўққиз ўйинга бош ҳакамлик қилган ҳолда ФИФА ҳакамлари орасида рекорд натижани қайд этди.