Ўзбекистон Президенти ФИФА ҳаками Равшан Эрматовни Chevrolet Malibu автомобили билан мукофотлади (қўшимча)

Дата: 11:07, 29-07-2014.

Тошкент. 29 июл. ЎзТАГ – Бугун пойтахтдаги Олимпия шон-шуҳрати музейида ФИФА ҳакамлари Равшан Эрматов ва қанот ҳаками Абдуҳамидулло Расуловларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Футбол федерациясининг Twitterдаги расмий саҳифасида хабар қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғалари ҳакамларга тантанали вазиятда топширилган. Хусусан, Равшан Эрматовга Асакадаги GM-Uzbekistan заводида ишлаб чиқарилган нуфузли Chevrolet Malibu автомобилининг калитлари, унинг ёрдамчиси Абдуҳамидулло Расуловга эса Chevrolet Orlando янги оилавий жипининг калитлари топширилди.

Шунингдек, тақдирлаш маросимида Равшан Эрматовга Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан «Эл-юрт ҳурмати» ордени ҳам топширилди. Ушбу орден билан мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий кучини ошириш, миллий маънавият ва маданияти ривожига катта ҳисса қўшган, ўз меҳнати, илмий ва жамоат фаолияти билан халқ эътиборини қозонган кишилар тақдирланади.

Бундан ташқари, маросимда Равшан Эрматовга “Ўзбекистон Футбол федерацияси”нинг фахрий белгиси ҳам топширилди. Ушбу белги мамлакат футболи ривожига катта ҳисса қўшган кишиларга берилади.

Эслатиб ўтамизки, ФИФА ҳаками Равшан Эрматов яқинда Бразилияда бўлиб ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатида тўрт ўйинга бошчилик қилди. Бундан илгари Равшан Эрматов бригадаси 2010 йилда ЖАРда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳам беш ўйинни ўтказган эди. Шундай қилиб, Р. Эрматов икки жаҳон чемпионатларида жами тўққиз ўйинга бош ҳакамлик қилган ҳолда ФИФА ҳакамлари орасида рекорд натижани қайд этди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: