Ўзбекистон президенти Филиппин президентига ҳамдардлик билдирди
Тошкент. 26 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Филиппин президенти Родриго Дутертега ҳамдардлик билдирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Филиппин Республикасида вайронкор тошқин ва ер кўчиши юз бериб, кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан ушбу мамлакат Президенти Родриго Дутертега таъзия изҳор этди”, - дейилади мамлакат ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Таъкидланишича, давлат раҳбари “ҳалок бўлганларнинг қариндош ва яқинларига чин дилдан ҳамдардлик билдириш”, барча жабрланганларга эса “тезда соғайиб кетишларини” тилаган.
Эслатиб ўтамизки, ОАВ маълумотларига кўра, Филиппинда сел келиши ва тошқинлар оқибатида 90 атрофида киши ҳалок бўлди, бир неча ўнлаб инсонлар бедарак йўқолди.
Сурат манбаи: https://112.ua/mir/ot-navodneniya-i-opolzney-na-filippinah-pogibli-okolo-200-chelovek-426232.html