Ўзбекистон президенти Германия ТИВ раҳбари билан музокаралар ўтказди
Тошкент. 31 март. ЎзТАГ – Куни кеча Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Германия Федератив Республикаси федерал ташқи ишлар вазири, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси Франк-Валтер Штайнмайер билан музокаралар ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлаб, ушбу учрашув ўзаро ҳамкорлик бўйича фикр алмашиш учун яхши имконият бўлиб, Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги кўп қиррали ва доимий алоқаларнинг узвий қисми эканини таъкидлади.
“Учрашувда Ўзбекистон – Германия ҳамкорлигига доир бошқа масалалар, жумладан, маданий-гуманитар алоқаларни изчил ривожлантириш, таълимга оид қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик айрим масалалар ҳам муҳокама қилинди”, - деб таъкидлашди Ўзбекистон раҳбари матбуот хизматида.
Мамлакат иқтисодиётига кейинги 15-йилда Германиянинг $784 млндан ортиқ тўғридан-тўғри инвестициялари ва кредитлари жалб этилган. Ўзбекистонда Германия Федератив Республикаси инвестицияси иштирокида 113 корхона, шундан 27 таси тўла Германия капитали асосида фаолият юритмоқда.
Ўтган йили ташкил этилган Ўзбекистон – Германия ишбилармонлар кенгашининг иккита мажлиси ўтгани савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришга икки томонда ҳам қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради. Ушбу мажлислар доирасида Германиядан $2,85 млрдлик технологиялар ва имтиёзли кредитларни жалб этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш ҳақидаги ҳужжатлар имзоланган.
Олдин хабар қилингани каби, Ўзбекистонга етиб келган Германия Федератив Республикаси Федерал ташқи ишлар вазири, Франк-Валтер Штайнмаер ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулазиз Камилов билан музокаралар ўтказди. Ташқи сиёсий идоралар раҳбарлари икки томонлама ҳамкорликнинг турли жиҳатларини муҳокама қилишди ҳамда минтақавий ва халқаро сиёсатга оид айрим муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.
Эслатиб ўтамизки, Германия Федератив Республикаси ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер 29 март-1 апрел кунлари Ўзбекистон, Қирғизстон ва Тожикистонга ташриф буюради. Бу ерда у сиёсий раҳбарият ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашади.
Бунда асосий эътибор иккитомонлама муносабатлар билан бирга терроризмга қарши кураш, иқтисодий ва ЕҲХТ доирасидаги ҳамкорлик масалаларига қаратилади. Штайнмайер ЕҲХТ амалдаги раҳбари сифатида ташкилотнинг минтақадаги кенг фаолияти ҳақида тасаввур олмоқчи.
Германия Ташқи ишлар вазирига Бундестаг депутатлари, мамлакат иқтисодий ва маданий доираларига мансуб делегация ҳамроҳлик қилмоқда.