Ўзбекистон президенти Ҳиндистон раҳбарига ҳамдардлик билдирди
Тошкент. 17 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон раҳбари Рам Натх Ковиндга ҳамдардлик билдирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Президенти Рам Натх Ковиндга Химачал-Прадеш штатида юз берган ер кўчиши оқибатида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан чуқур таъзия изҳор этди”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.
Эслатиб ўтамизки, яқинда Ҳиндистоннинг Химачал-Прадеш штатида ер кўчиши юз бериб, икки автобус тупроқ остида қолиб кетди. Йўлнинг камида бир километри бузилди. Бошланғич маълумотларга кўра, 48 киши қурбон бўлган, бир неча киши яраланган.