Ўзбекистон президенти инвестициялар соҳасида кадрлар етишмаслиги ҳақида маълум қилди

Дата: 13:32, 05-02-2019.

Тошкент. 5 феврал. ЎзТАГ – 4 февралда бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев инвестициялар соҳасида кадрлар етишмаслиги ҳақида маълум қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат раҳбари матбуот хизматининг маълумотларига кўра, йиғилиш Германия, Франция, Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирликлари билан икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, қабул қилинган “йўл харита”ларини сўзсиз ижро этиш масалаларига бағишланган.

Йиғилишда мамлакатимиз иқтисодиётига инвестицияларни жалб этиб, улар асосида бизнесни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш бўйича муайян ишлар амалга оширилаётгани, лекин булар ҳали етарли эмаслиги таъкидланди. 

Инвестиция билан шуғулланувчи кадрлар етишмайди. Инвесторлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, мавжуд инфратузилмани ривожлантириш зарур. Шу боис бу соҳа бўйича ҳали яна кўп ишлашимиз, изланишимиз керак. Ташқаридан инвестиция кирмаса, мамлакат ривожланмайди, деди Шавкат Мирзиёев. 

Шунингдек, йиғилишда БААнинг молиялаштириш имкониятлари ва инвестицияларини Ўзбекистонга жалб қилиш хусусида ҳам сўз юритилди. 

“Йўл харита”ларидаги ҳар бир лойиҳа сифатли ва ўз муддатида бажарилишига эришиш, муаммоли лойиҳалар бўйича янги ҳамкорларни излаб топишга асосий эътибор қаратиш кераклиги қайд этилди.

Хорижий инвестициялар бўйича эришилган келишувларнинг ижроси юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти эшитилди.  

Сурат манбаи: https://president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: