Ўзбекистон Президенти ишлаб чиқаришни модернизация қилиш учун имтиёзлар берди
Тошкент. 15 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти ишлаб чиқаришни модернизация қилиш учун имтиёзлар берди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 14 мартдаги “Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлашни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори билан кўзда тутилган.
Мазкур қарор хўжалик субъектлари томонидан ишлаб чиқаришни мунтазам модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, уни юқори сифатли, рақобатбардош, экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш имконини берадиган илғор замонавий ускуналар билан таъминлашга қаратилган самарали рағбатлантириш тизимини яратиш мақсадида қабул қилинган.
Хусусан, хўжалик субъектларига беш йил ичида фойда солиғи бўйича солиққа тортиладиган фойдани ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлашга, ишлаб чиқаришни янги қурилиш, бино ва иншоотларни реконструкция қилиш шаклида кенгайтиришга йўналтириладиган маблағларга тенг миқдордаги суммага қисқартириш ҳуқуқи берилди. Шунингдек, ушбу маблағлар кўрсатилган мақсадларда олинган кредитларни ёпишга, лизинг объекти қийматини қоплашга ҳам ишлатилиши мумкин.
Бундан ташқари, соддалаштирилган солиқ тўлаш шаклини қўллаётган юридик шахслар учун беш йил ичида ягона солиқ тўлови бўйича солиққа тортилувчи базани янги олинган технологик ускуналар қийматида камайтириш шаклида имтиёз жорий этилди.
Айни пайтда солиқ имтиёзлари янги ускуна олиб кирилган ёки ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш амалга оширилган, бино ва иншоотларни реконструкция қилиш шаклида кенгайтириш муддатдан навбатдаги солиқ муддатидан бошлаб қўлланади.
Хужжатда кўрсатилишича, юридик шахсларнинг фойдаси ва ягона солиқ тўлови бўйича солиқ имтиёзлари фойда қандай фаолият туридан олинганлигидан қатъий назар солиққа тортилувчи бутун фойда суммасига нисбатан қўлланади.
Шу билан бирга, хужжат билан юридик шахсларнинг фойдаси бўйича, ягона солиқ тўлови бўйича, юридик шахсларнинг мулк солиғи бўйича имтиёзлар жорий этилмоқда, дейилади хужжатда.