Ўзбекистон президенти Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Остонада бўлиб ўтган Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммити ишида иштирок этди
Тошкент. 11 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида нутқ сўзлаб, EXPO-2017 ихтисослашган халқаро кўргазмасининг расмий ёпилиш маросимида иштирок этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу саммит 10 сентябрда Остонада бўлиб ўтди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга ушбу мамлакат раҳбари Нурсултон Назарбоевнинг таклифига мувофиқ, 9 сентябрда етиб келди. Остона халқаро аэропортида ЎзР. президентини ҚР бош вазирининг биринчи ўринбосари Аскар Мамин ва бошқа расмий шахслар кутиб олдилар.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевни Мустақиллик саройида Қозоғистон Республикаси президенти Нурсултон Назарбоев кутиб олди.
Саммит “Фан, технологиялар, инновациялар ва ислом оламини модернизация қилиш” мавзуида бўлиб ўтди. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ва кузатувчи мамлакатлар, минтақавий ва халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат 80 га яқин делегация иштирок этмоқда.
Эслатиб ўтамизки, 2016 йил 18 октябрда Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси бўлиб ўтган, “Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл” шиори унинг асосий ғояси этиб белгиланган эди.