Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Устюрт газ-кимё мажмуини бориб кўрди
Тошкент. 28 апрель. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Устюрт газ-кимё мажмуи (УГКМ) қурилишининг бориши билан танишди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Сурғил кони негизида бунёд этилаётган Устюрт газ-кимё мажмуаси Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистонида барпо этилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 3,9 миллиард АҚШ долларига тенг, унинг амалга оширилиши йилига 4,5 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш ҳисобидан 3,7 миллиард куб метр газ, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен, 102 минг тонна пиролиз бензини ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради.
“Бундай йирик ва муҳим лойиҳани Корея Республикаси билан ҳамкорликда амалга ошираётганимиз бежиз эмас. Ўзбекистон Корея Республикасига улкан иқтисодий, индустриал ва интеллектуал салоҳиятга эга ривожланган давлат сифатида қарайди. Мамлакатларимиз ўртасида қарор топган мустаҳкам ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни юксак қадрлайди”, - деб таъкидлади И. Каримов мажмуага ташрифи чоғида.
Мазкур лойиҳа қўшма корхона муассислари бўлган Жанубий Кореянинг «Kogas», «Lotte Chemical», «STX Energy» компаниялари ва «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компаниясининг 1,4 миллиард доллар ҳажмидаги тўғридан-тўғри инвестицияси, шунингдек, 2,5 миллиард доллардан зиёд кредит ресурслари ҳисобидан молиялаштирилмоқда.
Шунингдек, лойиҳани молиялаштиришда Осиё тараққиёт банки, Korea Development Bank, Korea Finance Corporation (Корея Республикаси), China Development Bank (Хитой), ING (Нидерландия), Hermes, KfW, Bayern LB, Siemens Bank (Германия), Credit Suisse (Швейцария), EKN, Nordea, SEC (Швеция) каби тараққиёт банклари ҳамда етакчи тижорат банклари, шунингдек, Жанубий Корея, Германия ва Швециянинг лойиҳани амалга оширишда қатнашаётган банкларга суғурта тўловларини тақдим этган экспорт-импорт агентликлари иштирок этмоқда.
Устюрт газ-кимё мажмуаси нефть-кимё соҳасида дунёдаги энг йирик лойиҳалардан биридир. “Project Finance International” халқаро нашри ушбу мажмуани қуриш лойиҳасининг лойиҳавий молиялаш битимини нефть-кимё ва газ-кимё секторидаги 2012 йилнинг энг яхши лойиҳаси, деб топган.
Эслатиб ўтамизки, мажмуани қуриш ишлари 2012 йилда бошланган. Бугунги кунда бу ерда инфратузилма объектлари барпо этилиб, юқоритехнологик ускуналар ўрнатилмоқда. Мажмуа қурилишида 6,4 минг атрофида киши меҳнат қилмоқда.