Ўзбекистон президенти Ислом цивилизацияси марказининг илк тамал тошини қўйди

Дата: 11:39, 18-06-2018.

Тошкент. 18 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 июн куни Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази қурилиш майдонига ташриф буюриб, иншоот пойдеворига рамзий тамал тоши қўйди, деб хабар беради президент матбуот хизмати.  

Ш. Мирзиёев тадбирга йиғилган диний уламолар ва барча юртдошларимизни Рамазон ҳайити билан табриклаб, шундай улуғ айём кунларида марказ қурилишининг бошланаётгани замирида эзгу ният, чуқур маъно-мазмун мужассам эканини таъкидлади. 

Бу марказни қуришдан мақсад ислом маърифатини, буюк аждодларимизнинг бой меросини авваламбор халқимизга, дунё ҳамжамиятига етказишдир. “Бошлаган ҳамма саъй-ҳаракатларимиз ёшлар таълим-тарбиясига, халқимиз тинчлик-осойишталигига, ёруғ келажагига замин яратади”, - деди президент. 

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида фаолият юритадиган ушбу марказнинг асосий ғояси аждодларимизнинг ислом дини ривожига улкан ҳиссасини тарғиб этиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишдир.

Таъкидланишича, шу мақсадда бу ерда музей ташкил этилади, илмий фаолият йўлга қўйилади. Ватанимиздан етишиб чиққан олим ва мутафаккирлар меросининг тарихий ва замонавий цивилизациядаги ўрни тадқиқ этилади. Уларнинг илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатлари кенг тарғиб қилинади. Мумтоз адабиёт ва санъат намояндалари ижодининг инсонпарварлик моҳияти чуқур очиб берилади.

Шундан сўнг айтилишича, марказ биноси юртимиздаги қадимий мадрасалар кўринишида, гумбазли қилиб қурилади. Кутубхона, ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар, конференция зали, хизмат хоналари ва бошқа объектларни ўз ичига олади.

“Биз шундай буюк мероснинг давомчилари бўла туриб, илмда ортда қолдик. Бугунги ташаббусларимиз, бошлаган ишларимизни барча мусулмон мамлакатлари тан оляпти. Энди шунга муносиб бўлишимиз, илм-маърифатда ўрнак бўлишимиз керак”, - деб иқтибос келтиради матбуот хизмати президентдан.

Бундан ташқари, жамиятда меҳр-оқибат муҳитини яратиш, адашганларни авф этиш, имом-хатиблар малакасини ошириш, ёшлар тарбиясига эътиборни кучайтириш бўйича тавсиялар берилди.

Эслатиб ўтамизки, Ш. Мирзиёев 2017 йил 1 сентябр куни пойтахтдаги Ҳазрати Имом мажмуасида бўлиб, мазкур марказ қурилиши, мақсад ва вазифалари юзасидан кўрсатмалар берган эди. Шу асосда мазкур қадимий мажмуа ёнидан 10 гектарга яқин жой ажратилди. Лойиҳа ишлаб чиқилиб, ҳудуд қурилишга тайёрланди. 


Сурат манбаи: https://www.uzdaily.uz/articles-id-37943.htm

Янгилик билан ўртоқлашиш: