Ўзбекистон президенти исломни терроризм ғояси билан боғлашга қарши чиқди

Дата: 12:05, 19-10-2017.

Тошкент. 19 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Приезиденти Шавкат Мирзиёев исломни терроризм ғояси билан боғлашга қарши чиқди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

  “Бугунги кунда бутун дунё, айниқса, ислом ҳамжамияти даврнинг таҳликали таҳдидлари билан юзма-юз турибди. Ислом динини сиёсийлаштириш ва мусулмон ёшларни радикаллаштириш борасидаги уринишлар бундай хатарларни ўта жиддий таҳлил қилиш, баҳолаш ва уларга муносиб жавоб беришни тақозо этмоқда”, - дейилади давлат раҳбарининг “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” мавзуидаги халқаро конференция иштирокчиларига йўллаган табригида.

Дунёдаги айрим доиралар исломга қарши кайфиятни кучайтирган ҳолда, ислом динини терроризм мафкураси билан боғлашга уринаётганини минг афсус билан қайд этишга тўғри келади, дейилади мактуб давомида. “Бу омил ислом оламини янада жипслашишга чорламоқда. Ислом ҳамжиҳатлиги жаҳондаги кескинликни юмшатишда муҳим роль ўйнаши мумкин”, - дейилади мактубда.

“Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимизнинг мужассам манбаи сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз буюк динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, ҳаётда асл инсоний фазилатларни қарор топтиришга даъват этади”, - деб таъкидланади яна мактубда.

Шу муносабат билан, фақат барча мусулмон мамлакатлари билан биргаликда энг муҳим вазифани, яъни, улуғ аждодларимиз диний-маънавий меросининг ажралмас қисми бўлган мусулмон ахлоқ-одоб қоидаларини, жумладан, мўътадиллик, муроса қилиш, тинчлик-хотиржамлик ва бир-бирини ўзаро тушуниб яшашга интилиш каби олижаноб фазилатларни асраб-авайлаш ва бугунги реал вазиятни ҳисобга олган ҳолда бутун жаҳон ҳамжамиятига етказишдек ғоят муҳим вазифани ҳал қилишимиз мумкин, деб таъкидлаш ўринлидир, деб қайд этди Мирзиеев.

Янгилик билан ўртоқлашиш: