Ўзбекистон президенти капитали $14 млн бўлган Нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармасини ташкил этишни топширди

Дата: 15:38, 07-07-2017.

Тошкент. 7 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 июлда бўлиб ўтиб, соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида капитали $14 млн бўлган Нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармасини ташкил этишни топширди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

“Йиғилишда яна бир устувор йўналиш – республикамизда соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини ривожлантиришнинг мавжуд ҳолати атрофлича муҳокама қилинди. Бу борада давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 апрелда қабул қилинган қарорига биноан хусусий тиббиёт муассасасалари фаолиятига чекловлар бекор қилиниб, қатор имтиёзлар берилгани, улар учун барча турдаги юқори технологик операцияларни амалга оширишга рухсат этилгани таъкидланди. Лекин яратиб берилган катта имкониятларга қарамасдан, бу борада сусткашликка йўл қўйилаётгани танқидий нуқтаи назардан чуқур таҳлил қилинди. Бу масалада, айниқса, Сирдарё, Жиззах, Навоий, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида жиддий камчиликлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди”, - деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Маҳаллий ҳокимликлар хусусий тиббиёт соҳасига сармоя жалб қилиш масаласига, янги муассаса ташкил этмоқчи бўлган тадбиркорларга етарли даражада эътибор бермаётгани билан боғлиқ камчиликлар танқид қилиниб, соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторни ривожлантириш юзасидан тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди. “Жумладан, шу борада “Асакабанк” қошида Нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деб топилди ва давлатимиз раҳбарининг кўрсатмасига биноан қўшимча молиявий манбалар ҳисобидан ушбу жамғармага $14 млн миқдорида маблағ ажратилди”, - дейилади хабарда. 

Шунингдек, йиғилишда соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, айниқса, хусусий тиббиёт тармоғини кенгайтириш бўйича ишларнинг аҳволи учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари шахсан масъул экани ва ҳар чоракда Президентга ҳисобот бериши алоҳида таъкидланди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: