Ўзбекистон президенти ХХР раисини бош котиб лавозимига қайта сайлангани муносабати билан табриклади

Дата: 13:07, 26-10-2017.

Тошкент. 26 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ХХР раиси Си Цзиньпинни Хитой Компартияси Марказий қўмитаси бош котиби лавозимига қайта сайлангани муносабати билан табриклади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат раҳбари ўз мактубида “барча соҳалар модернизацияси ҳамда тезкор инновацион янгиланишга ўтиш курси эълон қилиниши Хитойнинг ҳартарафлама тараққий этишига кўмак бериши, унинг жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги етакчи кучлардан бири сифатидаги роли ва ўрнини янада мустаҳкамлашига” ишонч билдирди.

“Биргаликда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар туфайли бугун Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар янги даражага чиқди. Биз гидроэнергетика, нефть-газ соҳаси, коммуникация тармоқлари, юқори технологиялар соҳасидаги кооперация сингари стратегик тармоқларда истиқболли лойиҳаларнинг амалга татбиқ этилишига ўтдик. Парламентлараро ва минтақалараро алоқалар шиддатли ривожланмоқда, маданий-гуманитар алмашинув кенгаймоқда”, - деб таъкидланади мактубда.

Ўзбекистон президентининг фикрига кўра, буларнинг бари кўпқиррали ўзбек-хитой ҳамкорлиги бундан кейин ҳам чуқурлашиб боришига, ўзаро ҳамкорликнинг янада кўпроқ соҳаларини қамраб олишига бўлган ишончни янада орттиради ҳамда халқларнинг манфаатларига жавоб беради.

Шавкат Мирзиеев Си Цзиньпинга мустаҳкам соғлик, бахт ва масъулиятли вазифасида муваффақиятлар, Хитой халқига тинчлик ва фаровонлик тилади.

Эслатиб ўтамизки, 25 октябрда Хитой Компартияси Марказий қўмитаси 1- пленумида Си Цзиньпинни Хитой Компартияси Марказий қўмитаси бош котиби лавозимига қайта сайлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: