Ўзбекистон президенти Ховос туманининг янги марказини қуришни топширди

Дата: 10:16, 20-02-2019.

Тошкент. 20 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятидаги Ховос туманининг янги марказини қуриш бўйича топшириқ берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти Ховос туманига ташриф буюриб, дастлаб Ховос шаҳарчасининг бош режаси билан танишди. 

“Мирзачўл тажрибаси” асосида Ховос шаҳарчасининг янги маркази бунёд этилиши режалаштирилган. М-39 автомобиль йўли бўйидаги 42 гектар ҳудудда комплекс қурилиш ишлари лойиҳалаштирилган. Унга мувофиқ, бу ерда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари бинолари, давлат хизматлари агентлиги, тижорат банклари, турар жойлар, мактаблар, истироҳат боғи, хотира майдони, кинотеатр, кутубхона, масжид, бозор, савдо ва маиший хизмат шохобчалари қурилади. Йўл инфратузилмаси ривожлантирилиб, аҳоли ва транспортлар учун қулайликлар яратилади”, - дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарида. 

Қайд этилишича, “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти томонидан Сирдарё вилоятида 32 та тикувчилик мажмуалари ташкил этиш режалаштирилган. Бу цехлар асосан кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган хотин-қизларга мўлжалланган бўлиб, жами 4,2 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига 19 февралда ташриф буюрган эди.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: