Ўзбекистон президенти хусусий киностудияларни давлат грантларига конкурсларда қатнашишга чақирди

Дата: 09:44, 04-01-2018.

Тошкент. 4 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон миллий кино санъати – мамлакатни дунёда тақдим этиш учун бирламчи воситадир, дея таъкидлади Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев декабр охирида кино соҳасига бағишланган йиғилишда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон номини бутун дунёга тараннум этмоқчи эканмиз, бу ишни биринчи навбатда кино санъати ёрдамида амалга оширишимиз керак. Бунинг учун яна бир бор куч ва имкониятлар, ижодий салоҳиятни ишга солишимиз керак”, - деди Мирзиёев.

Шунингдек, Президент хорижий киностудиялар ва киноижодкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, улар билан ҳамкорликда фильмлар яратишни йўлга қўйиш ғоят муҳим экани қайд этди.

“Биз миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида яратилган энг яхши романлар, спектакллар, мусиқа ва тасвирий санъат асарларимизни, бадиий фильмларимизни халқаро миқёсда намойиш этиш, дунё жамоатчилигига етказиш бўйича алоҳида тизим яратишимиз керак”, - деди давлат раҳбари.

Шунингдек, у бундай асарларни хорижий тилларга таржима қилиш, уларнинг кенг тарғиботини ташкил этиш, халқаро фестиваль, кўргазма ва танловларда фаол иштирок этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Президент бугунги кунда хусусий киностудиялар сони ҳам кўпайиб бораётганини ижобий баҳолади. Шу билан бирга, у хусусий киностудиялар давлат грантларига конкурсларда қатнашишлари зарурлигини қайд этди. Мирзиёевнинг фикрига кўра, бу ўзига хос соғлом ижодий рақобатни юзага келтиради. Касбий билимларни ошириш, кино санъати анъаналарини ошириб боришнинг муҳимлиги ҳам қайд этилди.

Мажлисда президент кинопрокат тизимини ҳам танқидга олди. Ўтган йилларда 323 та кинотеатрлар хусусийлаштирилиб юборилган. Уларнинг асосий қисми савдо мажмуаси, тўйхона, бозорларга айлантирилган.  

Ўзбекистон президенти ёш режиссёрлар, кинодраматурглар, актёрлар, рассомлар, операторлар малакасини оширишнинг муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

Сурат манбаи: http://yangiliklar.ucoz.ru/

Янгилик билан ўртоқлашиш: