Ўзбекистон президенти кимё тармоғининг муаммоларини очиб берди

Дата: 13:35, 29-12-2017.

Тошкент. 29 декабр. ЎзТАГ - Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кимё саноати корхоналарининг молиявий-иқтисодий ҳолати ва соҳани ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда кимё тармоғининг муаммоларини очиб берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган минерал ўғитлар билан боғлиқ харажатлар қопланмаяпти. Оқибатда кимё корхоналарининг ишлаб чиқаришга сарфланган табиий газ, электр энергияси, фосфорит хомашёси, олтингугурт кислотаси ва бошқа турдаги товарлар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш борасидаги имкониятлари чекланиб, кредитор қарздорлик ўсиб кетмоқда”, - дейилади Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабарида.

Шу боис 2018 йилдан бошлаб, истеъмолчиларга минерал ўғит етказиб бериш “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳузурида ташкил қилинадиган “Ягона агент” воситачилигида биржа савдолари орқали амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

“Айни пайтда ишлаб чиқарилаётган минерал ўғитларнинг таннархини пасайтириш ва тармоқ корхоналарининг рентабеллик даражасини ошириш борасида ҳам камчиликлар мавжуд. Хусусан, азотли ўғитлар таннархининг 67 фоизини энергия ресурслари ташкил этади. 2017 йилда “Фарғонаазот” корхонаси, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Қўқон суперфосфат заводи, “Аммофос-Максам” ва “Максам-Чирчиқ” бирлашмаларида ишлаб чиқариш паст рентабелли бўлган, “Навоийазот” корхонаси эса йилни зарар билан якунлаши кутилмоқда. Бундай шароитда корхоналарнинг ўз айланма маблағларини шакллантириш имконияти бутунлай чекланиб, улар муаммоларни 16-18%ли кредитлар жалб қилиш орқали ҳал этиб келмоқда”, - дейилади хабарда.

Шу сабабли “Ўзкимёсаноат” АЖга тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2018-2019 йилларда кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва рақобатбардошлигини оширишнинг аниқ чора-тадбирлари дастурини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Эътибор қаратиш лозим бўлган яна бир муаммо – асосий технологик ускуналарнинг эскиргани ҳам таъкидланган. Бунинг оқибатида ишлаб чиқаришнинг технологик тартиблари издан чиқмоқда, маблағ етишмаслиги сабабли ускуналар жорий ва капитал таъмирдан ўтмаяпти. “Давлатимиз раҳбари жорий ва капитал таъмир ишларини амалга ошириш юзасидан тармоқ режасини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади”, - деб қайд этилади хабарда.

Сурат манбаи: https://nuz.uz/ekonomika-i-finansy/26483-hv-centralno-aziatskaya-konferenciya-cementnaya-promyshlennost-i-rynok-proydet-v-tashkente-v-noyabre.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: