Ўзбекистон президенти Корея Республикасига етиб келди
Тошкент. 22 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан Президент Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан 22 ноябр куни давлат ташрифи билан Корея Республикасига келди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
“Сеул шаҳри аэропортида Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқасини Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, стратегия ва молия вазири Ким Донг Ён ва бошқа расмий шахслар кутиб олди”, - дейилади хабарда.
Икки давлат байроқлари билан безатилган аэропортда олий даражадаги меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Миллий кийимдаги қизлар олий даражадаги меҳмонларга гуллар тақдим этишди, деб хабар қилади Ўзбекистон президентининг Корея Республикасига ташрифини ёритиш бўйича марказ.
Ўзбекистон президенти ташриф доирасида Корея Республикаси президенти Мун Чжэ Ин билан музокаралар ўтказади, Миллий Ассамблея Спикери Чон Сэ Гюн билан учрашади, шунингдек, икки давлат органлари ўртасида 70 атрофида ҳужжатларнинг имзоланиши кутилмоқда.


