Ўзбекистон президенти корейсларнинг миллий маданияти асраб-авайланаётгани ва ривожлантирилаётгани ҳақида гапириб берди
Тошкент. 20 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев корейсларнинг миллий маданияти асраб-авайланаётгани ва ривожлантирилаётгани ҳақида гапириб берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Мамлакатимизда бошқа миллат ва элат вакиллари қатори корейс миллатига мансуб юртдошларимиз учун ҳам ўз миллий маданияти, тили, урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаши ва ривожлантириши учун барча шароит яратилган. Мисол учун, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти ва Самарқанд давлат чет тиллар институтида корейс филологияси ўқитилмоқда”, - дейилади давлат раҳбарининг Ўзбекистонда корейс миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилаётганининг 80 йиллигига бағишланган тантанали маросим иштирокчиларига йўллаган мактубида.
Ўзбекистон Корейс маданият марказлари уюшмаси томонидан бу борада улкан ишлар амалга оширилмоқда, деб давом этди Мирзиёев. “Корейс тилида китоб ва газеталар чоп этилмоқда, кўргазмалар, концертлар, фестиваллар, ижодий жамоаларнинг Ўзбекистон бўйлаб ва хорижга гастроллари, ёшлар ўртасида турли спорт мусобақалари ташкил этилмоқда”, - деб таъкидлади ўзбек давлати раҳбари.
Айни пайтда Тошкентда Корея Республикаси ҳукумати кўмагида Корейс маданият ва санъат уйи бунёд этилмоқда. “Ўйлайманки, у бизнинг тобора мустаҳкамланиб бораётган дўстлигимизнинг ёрқин тимсоли, ёшлар ва зиёлиларни ўзига жалб қилувчи маскан, маданиятларимизни ўзаро бойитиш марказига айланади”, - деб умид билдирди Мирзиёев.


