Ўзбекистон Президенти кучли фуқаролик жамиятига ўтишни устувор вазифа деб атади

Дата: 14:38, 15-12-2016.

Тошкент. 15 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти кучли фуқаролик жамиятига ўтишни устувор вазифа деб атади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” деган муҳим тамойил бизнинг устувор вазифамиз бўлиб қолади”, - деди Мирзиёев инаугурация маросимида.

У шунингдек, Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларни тезлаштириш ва самарасини ошириш долзарб вазифалигини қайд этиб, бунда мамлакатда жамоатчилик назорати институтини кучайтиришга алоҳида эътибор берилишини таъкидлади.

“Бу муҳим ишда биз барча фуқароларимиз, энг аввало, ёши улуғ, улкан ҳаётий тажрибага эга нуроний оқсоқолларимиз, катта авлод вакилларининг маслаҳатлари ва фаол кўмагига умид қиламиз ва таянамиз”, - деб таъкидлади давлат раҳбари.

Олдин хабар берилгани каби, 14 декабрда Олий Мажлис палаталарининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг лавозимига тантанали киришишига бағишланган қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ш.Мирзиёев ўзбек халқига қасамёд қилиб, мамлакат президенти вазифасини бажаришга киришди.

Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари бўлиб ишлаётган Абдулла Арипов мамлакат бош вазири этиб тасдиқланди.

Эслатиб ўтамизки, 4 декабрда Ўзбекистонда навбатдан ташқари президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Уларда Ш.Мирзиёев 88,61% овоз билан ғолиб бўлди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: